Тожикистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келган. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган.

Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади.

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Террорчилик ҳаракатлари нафақат беқарорлик ҳукм сураётган ҳудудларда, балки Франция, Германия, Бельгия каби Европа мамлакатларида, Россия синггари МҲД таркибидаги давлатларда рўй бермоқда.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш,  диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, Интернет тармоғида “Ироқ давлати”, “Жабат ал-Нусра” каби террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Мутаассиб оқим аъзоларининг бош мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.

Диний экстремизм шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солмоқда. Жумладан, диний экстремистик ғоя ва ёт диний қарашларнинг жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит ва тадрижий ривожланишга зарарли таъсири қуйидагиларда акс этмоқда:

- ДЭО аъзоси қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;

- жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;

- экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиш орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;

- терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;

- давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Оқибатда ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;

- мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади.

Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, мазкур муаммони фақат ҳарбий куч ишлатиш билан тўла ҳал этиб бўлмайди. Уларни такрор ишлаб чиқариш тизими сақланиб қолар экан, қайд этилган таҳдидлар сақланиб қолади. Диний экстремизм ва терроризмни такрор ишлаб чиқариш тизимининг муҳим бўғинлари ақидапарастлик ва терроризм мафкураси, уларнинг илҳомчилари ва даъватчилари, мазкур мафкурани тарқатиш каналлари ва улар таъсирига тушаётган шахслар ҳисобланади.

Шу сабабли илмий асосланган, технологик жиҳатдан тартибга солинган, дунёда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга мос (адекват) ахборот-мафкуравий курашни – аксилтарғибот ишларини тўғри ташкил этиш диний экстремизм мафкураси тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Аксилтарғибот ишлари – мафкуравий курашнинг специфик кўриниши бўлиб, душман кучларнинг ахборот-қўпорувчилик ва психологик ҳужумини зарарсизлантиришга қаратилган сиёсий, ғоявий, ташвиқот ва ташкилий чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

 

 

Ҷӯраев Д.С, номзади илми техники,  устоди ДПДТТ