Билим манбаи бўлган китобни севиш, уни ўқиш ва кўз қорачиғидек сақлай билиш, ўқиш учун уни танлай олиш ва ўқиш маданиятини билиш керак.

Китобга муҳаббат, уни  қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Халқимиз илм ва фан,  адабиёт ва санъатга оид нодир қўлланмалар, адабиётлари билан ҳақли равишда фахраланади.  Дунёнинг қайси бир  машҳур кутубхонасида бўлманг халқимизнинг улуғ алломалари, тафаккур хазинасини яратган донишмандларининг қўлёзмаларини  китоб ҳолига келтириб, боқий умр бағишлаган хаттотлар, мусаввирлар      меҳнатини кўриш мумкин.

Ота-боболаримиз китобни кўз қорачиғидек асрашган. Улар китоб саҳифасига ҳеч нарса ўрамаганлар. Китоб сақланадиган жой хоҳ у кутубхона бўлсин, хоҳ уй бўлсин-муқаддас саналган, ҳар қандай китоб энг пок, энг юқори жой-токчаларга қўйилган.

Фарзандларимиз китобхонлик давраларида иштирок этишган. Натижада фарзандларимизда китоб ўқишга ҳавас уйғонган.  Ҳозирги кунда оилаларда китобни кўпроқ болаларга ё буваси ё бувиси ўқиб беришади. Лекин минг афсуски, ота-оналари ишда банд бўлганликлари сабабли уларни кечки пайтда китоб ўқишга вақтлари етишмаяпти.

Оилада болаларга алоҳида хона ажратиш ва албатта кичкина китоб жавонини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Шу ўринда ҳурматли ота-оналаримиз болажонларга китоб ниҳоятда муқаддаслиги, у билан эҳтиёт бўлиб муомала қилиш кераклигини уқтиришлари лозим.

Таълим муассасаларида, оилада болани китобга нисбатан қизиқтириш,  эътиборини оширишда муаллимнинг хизмати беқиёсдир.

Боланинг ёшлик чоғидаёқ унинг мурғак қалбига китобга нисбатан қизиқиш, меҳр уйғотиш лозимки, у доимо китобни севсин, ардоқласин, авайласин, китоб устида ишлашни билсин. Ота-оналар боланинг 3-5 ёшидан бошлаб уларга рангли суратли китоблар совға қилиши,  «Ўзинг бўя», «Чиза оласанми?», «Мантиқий фикрла!» мазмундаги содда, психологик томондан ёшига мос китоб–альбомларни  харид қилиши лозим. Мактабгача таълим муассасаларида бу хайрли ишни давом эттириб, болаларнинг ҳар бир гуруҳида ёш хусусиятларини эътиборга олиб кичик кутубхоналар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Умумтаълим мактабларида хат саводга ўргатиш бошланғич синфлардан бошланар экан, уларда китобхонлик фаолиятини барқарорлаштириш, ёшлик чоғларидан китоб ўқишга ўргатиш муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун синф раҳбарлари ташаббуслари билан «Синф кутубхонаси» ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир. Ўз-ўзини бошқариш тизими бўйича энг зукко, билимли бир ўқувчини «Синф кутубхоначиси» этиб тайинлаш орқали, синфдаги китоблар сони, сақланиш ҳолати қатъий назоратга  олиб борилади.

Кутубхоналарни кейинги йилларда техника воситалари билан таъминлаш ишлари бошланган бўлсада, лекин бу ҳолат  ҳозирча етарли эмас. 

Ўқувчи-ёшларнинг китобхонлик даражаси йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Бунинг устига ўқувчиларимизнинг китоб магазинларидан бадиий китобларни харид қилишлари ҳам камайган.

 Кутубхоналардаги китоблар фонди ҳозирги эҳтиёж ва талабга жавоб бермаслиги,  яъни ўқувчи-ёшларимизнинг синфдан ва мактабдан ташқари ўқиши лозим бўлган адабиётларнинг кутубхоналарда  етарли бўлмаганлиги каби ҳолатлар ўқув-тарбия жараёни самарасига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мактаб кутубхоначилари олдида турган асосий вазифа мактаб ўқувчиларида янгича тарихий онгни шакллантириш, миллий қадриятларни тиклаш бўйича олиб борилаётган тарбиявий ишларни такомиллаштириш, кутубхоначилик- библиографияга доир билимларни, педагогикага оид энг яхши адабиётларни ҳамда маънавият, ахлоқ-одоб асосларини ўргатувчи шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий билимлар берувчи нашрларни тарғиб этиш, китобхонлар сўровини эҳтиёжини тўла қондириш ҳамда уларнинг ахборот маданиятини кўтаришдан иборатдир.  

Китобхонликни заруратга айлантириш керак. Агар фарзандларимизда китоб ўқишга ҳавас бўлмаса, унинг китоб ўқишга бўлган эътиборини ўзгартириш мушкул бўлиб қолади. Уларни ўқишга мажбурлаш эмас, балки китоб ўқишга ҳавас уйғотиш лозим. Бу борада ота-она, устозу мураббийлар ва кутубхона ходимлари бевосита ёрдам беришлари лозим бўлади. Бунда болаларнинг ёш хусусияти, қизиқиши ҳисобга олиниши керак. Италия ёзувчиси Сенека: «Китобларнинг сони эмас, уларнинг яхшиси фойда келтиради», - деб айтган эди.

Ўқувчиларни мустақил ўқишга қизиқтириш учун «Шеърият гулшани», «Китоб – менинг дўстимсан», «Китоб мўъжизага чорлайди», «Ғолиб китобхон», «Синфнинг энг яхши китобхони» каби танловларни  ва ҳар хил мавзуларда  баҳс-мунозараларни тез-тез ўтказиб туриш тавсия этилади.

Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг синфдан ташқари ўқиган китоблари асосида китобхонлар конференциясини ўтказиш, уларнинг мантиқий ва ижодий фикрлаш қобилиятини бойитади, китобга бўлган ҳавасини уйғотади. Фарзандларимизни китобга  қизиқтириш осон иш эмас. Бу ҳам тарбиявий жараён. Ҳар бир боланинг қизиқиши, мойиллиги инобатга олинган ҳолатда унинг ўз китоби бўлиши керак.

Биз катталар болалардан кўп китоб ўқишни талаб этамиз. Бу бир қарашда тўғридек.  Лекин бу ерда асосий гап ўқувчи-ёшларимизнинг ўқимоқчи бўлган китобининг ёшига мослиги, қизиқиши, мойиллигига тўғри келишига эътиборни қаратиш ва ниҳоят  ўз китобини  ўқиши лозимлигига  қаратишимиз лозим. Бу ўқиш маданияти  қандай ва қай даражада тарбияланганига боғлиқ.

Китоб ўқиш маданиятига  китоб харид этиш ва кутубхонани мунтазам бойитиб боришга алоҳида эътибор билан қараш, китоб сақлаш одоби, ўқиш жараёни, ўқиганни ўзига ва  ҳаётга татбиқ эта билиш каби яна ўнлаб масалалар киради. Китобни танлаб, аниқ мақсадни ўйлаган ҳолда ўқиш зарур.

Бундан ташқари бола фақатгина китоб ўқиш билан чегараланиб қолмасдан, балки китобдаги асосий маъно-мазмунга тушуниши ҳам лозим.

Китобга бўлган ҳавас ўқувчиларимизни керак бўлса айрим асарларни такрор ва такрор ўқишга олиб келади. Немис шоири Ф.Гебблp айтганидай: «Ўқилган китобларни такрор ўқиш саводхонликнинг энг ишончли тарозисидир» деб айтган эди.

Умумтаълим мактабларининг кутубхоналари ҳар чоракда бир марта «Китоблар мўъжизаси» ёки «Китоблар оламига саёҳат» мавзусида кўргазма ташкил этишлари мақсадга мувофиқ. У фақат кўргазма бўлиб қолмай балки энг китобхон ўқувчилар таклиф этилиб, китоб ҳақидаги фикри ва энг севимли асари қаҳрамонлари рамзий тасвирини ифода этиб бериши кўргазма иштирокчилари тасаввурида чуқур из қолдиради. Ўқувчилар ўзлари севиб ўқиган асарлари юзасидан тақризлар ёзишни ўргансалар янада яхшироқ бўлади.  Ёки ўқиган асарлари таассуротлари асосида ўқувчининг ижод намуналари (кичик ҳикоя, шеър, ҳажвия) кўргазмага қўйилади. Энг фаол қатнашган иштирокчилар рағбатлантирилади.

Тадбирда  қатнашган ҳар бир ўқувчиларнинг арзимас кичик бир мувафаққиятини четда қолдирмаслик, уни олқишлаш, қизиқишини ўстириш лозимки, токи у китобга бўлган ҳаваси яна ҳам ошиб, китобга боғлансин.

Ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, тўгаракка аъзо бўлган ўқувчилар билим доирасини кенгайтириш, қўшимча маълумотлар бериш мақсадида экологик, техник, иқтисодий, ҳуқуқий билимлардан кенг хабардор этиш мақсадида кутубхонада бурчаклар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Кутубхона – бу ҳақиқий маданий-маърифий маскан сифатида фаолият кўрсатиши керак. Бу  зиё ва маънавият маскани болажонларнинг энг севимли даргоҳига айланишини ва ўз бағрига кўпроқ болаларни чорлаши лозим.

Кутубхоналаримизни юқори синф ўқувчилари, ота-оналар розилиги билан бадиий адабиётлар билан бойитишимиз мумкин. Бунинг учун синфдаги ҳар бир ўқувчи ўз розилиги билан биттадан китоб олиб келиб топширса, кутубхона 20 - 30 дона бадиий китоб билан қўшимча равишда бойийди. Натижада бир дона китоб олиб берган ўқувчи яна 20 - 30 дона янги китоб ўқиш имкониятига эга бўлади. Бу ишга ҳомийларни ҳам жалб этиш мумкин.

Аммо ҳозирги кунда ранг-баранг воқеа ва ҳодисаларга бой фильмлар, саргузаштлар ҳақида ҳикоя қилувчи бошқа воситалар (телевизор, компьютер, интернет)нинг таъсири кучайиб бормоқда. Булар ўқувчи-ёшларимизга қўшимча ахборот бериш билан бирга, фарзандларимизнинг кўп вақти телевизор экранида ёки компьютер ёнида ўтиши туфайли, болаларимизнинг саломатлигига таъсир этиш билан бирга, уларнинг китоб ўқишига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда. Телевизор ҳеч қачон китоб ўрнини босолмайди.

Кутубхона ишини ривожлантириш, ўқувчиларни бу масканга кўпроқ жалб этиш, у ерда маънавий-маданий тадбирларни ўтказиш орқали унинг нуфузини ошириш барчамизнинг кечиктириб бўлмайдиган вазифамиздир.

Хулоса  қилиб айтганда, комил инсон бўлиб  етишиш учун китобнинг  ўрни беқиёсдир. Ўқувчиларни китоб билан ишилашга   одатлантириш ҳам тарбиявий  аҳамиятга эга. Китобхонлик ёшларнинг маънавий бойлигини оширади, уларни меҳнат  ва ижодий йўлга бошлайди. Китоб ҳаётнинг  улуғворлигини англаб олишга, у ҳақида  мустақил фикр   юритишга ёрдам беради.

Дадахон Ҷӯраев, устоди ДПДТТ дар шаҳри Хуҷанд