Оила-жамиятнинг таянчи. Фарзандларимиз онгида элу юртга, Ватанга муҳаббат туйғулари оилада, яшаб турган маҳаллада шаклланади. Мамлакатнинг эртанги куни, тинч ва обод бўлиши энг олдин мана шу кичик жамиятда ўсиб-унаётган болаларимизга боғлиқ. Қайси оилада, қайси маҳаллада тарбия яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб-яшнайди. 

Фарзанд тарбиясини қачондан бошламоқ керак?, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Кўпчилик олимлар унга турлича жавоб бериб келганлар. Хусусан, Ибн Сино бола тарбияси билан унинг туғилишидан аввалроқ, она қорнидан бошлабоқ шуғулланиш лозим, деб жавоб берган. 

Оила, одоб-ахлоқ ва таълим-тарбияга эътибор қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти қўшни ота-она” деган ибратли мақол ҳам айнан халқимизга хос. Мана шу мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғлик муҳим эканини билдиради. Маҳалла аҳли, айниқса кексалар кўчада нобоп иш қилаётган бола олдидан ҳеч қачон бепарво ўтиб кетмаган, шу заҳотиёқ танбеҳ бериб тўғри йўлга чақирган. Зеро, ҳар томонлама чиройли, одобли, гўзал хулқли бўлиш, нафсни поклашга буюрувчи муқаддас динимиз оилага катта аҳамият беради. 

Оиладаги муҳит ота-она ўз маъсулиятларини ҳис қилиши билан барқарор бўлади. Болаларнинг одобли бўлиб улғайиши учун ота-она билан бир қаторда маҳалла-куй ҳам катта ибрат мактабидир. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган халқимиз. 

Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. Оиладаги қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапириш, ёқимсиз хатти-ҳаракат бола тарбиясига салбий таъсир қиладиган носоғлом муҳитни келтириб чиқаради. 

Фарзанд тарбиясида ота-онанинг муомаласи муҳим ўрин тутади. Бола ота-она томонидан қўпол, дағал сўзлар эшитиб, калтак еб катта бўлса, бу унинг табиатига салбий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида оиладаги носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Улар эса жамият маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. 

Оилада ота-оналар “оммавий маданият” таъсирига берилиб кетиши оқибатида фарзандларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Истиқлол туфайли халқимиз чет-эл юртларини кезиб, янги халқ ва урф-одатларни гувоҳи бўлиб қайтмоқдалар. Шу жумладан Европа давлатларига сайр қилиб келаётган фуқароларимиз бугунги кунда ғарб ўсмирлари орасида бошқа мамлакатлар ёшларига қараганда уюшган жиноятчилик ва зўравонликка берилиш ҳолати юқори. Бунга сабаб болаларга керагидан ортиқ эркинлик берилгани экан. Уларни ҳозирдан айш-ишратга берилиб, турли ахлоқсиз ҳатти-ҳаракатларга ружу қўйишдан ҳеч ким қайтармаслигини айтиб беришмоқда. 

Инсон ҳаёти давомида бирор шахсни ўзига ўрнак деб билади, бундан инсон у каби ҳаёт кечиришни, у эришган ютуқлар каби муваффақиятларга эришишни, юксак чўққиларга чиқишни кўзлайди. Бугун жамиятнинг ёш аъзолари ўз ҳаётлари учун бошқа маданият вакилларининг фикрлаш ва ҳаёт тарзини ўрнак қилиб олишлари кўп муаммоларни келтириб чиқармоқда. 

XXI асрда турли ҳаёт тарзлари ва ғоялар рақобатга киришди. Бунда муваффақиятга эришиш учун ҳар бир давлат ўзлигини сақлаган ҳолда диний ва миллий қадриятларини бошқаларга англатишни асос қилган мафкурага эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, ўзликни йўқотиш, бебаҳо қадриятлардан воз кечиш кишини тараққиётдан ажратиб, уни тобе, мустақил фикри йўқ манқуртга айлантириб қўяди. Ҳозирги кунда ғаразли мақсадларни амалга ошириш учун зимдан олиб борилаётган фитналар баъзи миллатларнинг ўзлигини йўқотишга қаратилганини сезиш мумкин. Бунда эътибор худудларини эгаллаш эмас, балки инсон онгини эгаллашга йўналтирилган. 
    Албатта бола тарбияси ўта мураккаб ва маъсулиятлидир. Бу ҳар бир ота-онадан ўз устида мунтазам ишлашни, болалар тарбиясига оид барча маълумотлардан бахобар бўлиб боришни талаб этади. Фарзанд тарбияси бу шунчаки тажриба, оддий кўрсатма ва билимлар жамланмаси эмас, балки ўз ичига диний-ахлоқий билимлар, тиббиёт, этика, психология, педагогика каби соҳаларига оид билимларни ҳам қамраб оладиган мураккаб жараёндир. 

 Бугунги кунда оилавий тарбиянинг қийинлашуви шундаки, биринчидан, жамият тараққий этиб боргани сари ҳар томонлама етук инсонни шакллантириш талаблари ортиб бораверади. Бу эса оилада болага эстетик, жинсий тарбия, ахлоқий тарбия бериш сифати ва кўламини ошириш талабини қўяди. 
    Таълим-тарбия, одоб-ахлоқ болаликдан берилгани маъқул. Расулуллоҳ (а.с.): “Биронтангиз ўз фарзандларингизни тартиб-интизомга ўргатса, бу ҳар куни садақа бергандан яхшироқдир”, дея марҳамат қилганлар. 

Болаларни интизомга ўргатиш оила мустаҳкамлигига асос бўлади. Ислом шу маънода ота-оналарни ўз фарзандларига соғлом тарбия беришга рағбатлантиради. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг” деб таъкидланган. 

Юртимиз уламолари ўз асарларида фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она, уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таништириб бориши муҳим эканини алоҳида таъкидлаганлар:

         - фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ ва камтар бўлишига эътибор қаратинг;

         - одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга ана шу хислатларни болаликдан сингдириш пайида бўлинг;

         - фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, ўзгаларни менсимаслик, обрўси, бойлиги ёки мансабига қараб муносабат кўрсатиш ҳам одобсизлик эканини уқтириб боринг;

- ёши улуғ кишилар, устозлар билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, буйруқларини сидқидилдан бажариш ҳам болалар қалбига жо қилишга эътибор беринг.

         Фарзандларимизга шундай тарбия берайлики, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллати, динига ва анъналарига содиқ бўлиб камол топишсин.

Дадахон Ҷӯраев,

номзади илмҳои техникӣ, устоди ДПДТТ дар шаҳри Хуҷанд